Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар онкологларининг II халқаро конгресси бўлиб ўтди
Апрель 14, 2026. 12:20 • 2 дақ
• 92
САМАРҚАНД, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар онкологларининг II халқаро конгресси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур нуфузли халқаро тадбирда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда бошқа қатор давлатлардан кўплаб етакчи онколог олимлар, амалиётчи шифокорлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Халқаро конгрессда соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари вакиллари томонидан долзарб мавзуларда тақдимотлар намойиш этилди.
Муҳокамалар марказида онкологик касалликларни эрта аниқлаш, профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усуллари, радиология ва инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш масалалари бўлди. Шу билан бирга, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди.
Конгресс доирасида ўпка ва кўкрак бези саратони, гастроинтестинал, гинекологик ҳамда бошқа онкологик касалликлар бўйича илмий сессиялар, маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Муҳокамаларда неоадъювант ва адъювант терапия, PD-L1 ингибиторлари, индивидуал даволаш стратегиялари ҳамда клиник қарор қабул қилиш алгоритмлари кенг муҳокама этилди.
Тадбир якунларига кўра, иштирокчи мамлакатлар ўртасида онкология соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда замонавий диагностика ва даволаш технологияларини кенг жорий этиш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси