Logo

Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Малайзия олима аёллар форумида муҳим келишувлар имзоланди

Апрель 13, 2026. 12:22 • 3 дақ

262
Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Малайзия олима аёллар форумида муҳим келишувлар имзоланди
Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Малайзия олима аёллар форумида муҳим келишувлар имзоланди
Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Малайзия олима аёллар форумида муҳим келишувлар имзоланди
Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Малайзия олима аёллар форумида муҳим келишувлар имзоланди
Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Малайзия олима аёллар форумида муҳим келишувлар имзоланди
Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Малайзия олима аёллар форумида муҳим келишувлар имзоланди

КУАЛА-ЛУМПУР, 13 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Мелака техника университетида Ўзбекистон­­–Малайзия олима аёллар форуми ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу форумда икки давлатнинг етакчи олий таълим муассасаларидан аёл ректорлар, проректорлар, олималар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Мазкур форум жорий йил февраль ойида ўтказилган “Ўзбекистон–Малайзия биринчи таълим форуми” доирасида эришилган келишувларнинг амалий давоми сифатида аҳамият касб этди. Бу ўз навбатида, таълим соҳасида гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг илм-фандаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тадбирда Мелака штати губернатори Моҳд Али бин Моҳд Рустам сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларига алоҳида тўхталиб ўтди. У икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тобора янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлаб, айниқса таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятига эътибор қаратди.

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромидин Гадоев ўз нутқида таълим соҳасидаги икки томонлама алоқалар изчил ривожланиб бораётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасида 35 га яқин қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотлар йўлга қўйилган. Шунингдек, 1100 дан зиёд академик алмашинувлар амалга оширилгани, турли таълим лойиҳалари ва хизматлари ҳажми ортиб бораётгани ҳам ҳамкорликнинг самарали натижаларидан далолат беради.

Форум доирасида иштирокчилар таълим муассасаларини самарали бошқариш, замонавий педагогик ёндашувлар, инновацион таълим технологиялари ҳамда STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) йўналишларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди. Шу билан бирга, бўлажак лидерларни тарбиялаш, ёш авлодни глобал рақобат шароитига тайёрлаш борасида илғор тажрибалар муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Форумнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири – унинг очилиш маросимида Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори, профессор Фариза Шамнинг Ўзбекистоннинг Малайзиядаги таълим элчиси этиб тайинланиши бўлди. Ушбу юксак эътироф унга икки мамлакат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун берилди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири томонидан имзоланган махсус сертификат тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон ва Малайзиянинг жаҳон рейтингларида топ-500 таликка кирувчи университетлари ўртасида 13 та ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди. Бу келишувлар келгусида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, янги таълим дастурларини жорий этишга хизмат қилади.

Форумда намойиш қилинган кўргазма иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мелака техника университетининг кўргазмалар залида Ўзбекистон олий таълим муассасаларига бағишланган 11 та ўзига хос стенд намойиш этилди. Уларда мамлакатимизнинг университетлари илмий салоҳияти, замонавий инфратузилмаси ва таълим имкониятлари кенг ёритилди. Ҳар бир университет жойлашган ҳудуднинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва туризм салоҳияти ҳам намоён этилди.

Форумнинг маданий қисми ҳам жуда мазмунли ва ёрқин тарзда ўтди. Фарғона ва Навоий давлат университетларидан ташриф буюрган иқтидорли талабалар ўзларининг жонли чиқишлари билан иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди. Миллий қўшиқ ва рақслар орқали ўзбек маданиятининг бетакрор жиҳатлари намоён этилди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистоннинг гўзал табиати, бой тарихи ва исломий меросини акс эттирувчи видеороликлар намойиш қилинди. Хусусан, яқинда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Ал-Бухорий мажмуаси ҳақидаги роликлар малайзиялик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ўз навбатида, Ўзбекистонга бўлган сайёҳлик қизиқишини янада оширди.

Умуман олганда, мазкур форум Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим майдон бўлди. Бундай тадбирлар икки халқ ўртасида ўзаро тушуниш, ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш