Ўзбекистон ва Польша киберхавфсизлик соҳасида қўшма таълим ва тадқиқотларни йўлга қўяди
Август 26, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 81
ВАРШАВА, 26 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Польша рақамлаштириш вазири ўринбосари Рафал Росиньски билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда рақамлаштириш, киберхавфсизлик, инновациялар ва илмий-тадқиқотлар соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Польша Миллий тадқиқот ва хавфсизлик институти (NASK) ҳамда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, “Cyber University”нинг Варшава политехника университети, Варшава университети ва Вроцлав фан ва технологиялар университети билан ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма таълим ва илмий-тадқиқот дастурларини амалга ошириш, киберхавфсизлик соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилмоқда.
Мулоқот якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни муҳокама қилиш мақсадида яқин вақтда видеоконференция ўтказишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси