Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни тизимли ривожлантириш мақсадида ишчи гуруҳ тузилади
Декабрь 25, 2025. 20:35 • 2 дақ
• 124
ТОШКЕНТ, 25 декабрь. /“Дунё” АА/. Кеча Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Саудия Арабистони инсон ресурслари ва ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Аҳмад бин Муҳаммад Ал-Шарқий билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, музокаралар давомида қонуний меҳнат миграцияси, касбий тайёргарлик, меҳнат инспекцияси, шунингдек, ушбу соҳадаги масалаларни мувофиқлаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
2026 йил январь ойидан Саудия Арабистонида “Takamul” компанияси томонидан чет эл фуқароларини ишга қабул қилиш жараёнларини рақамлаштиришга қаратилган янги платформани жорий этиш ҳамда ушбу платформани Ўзбекистонда ҳам тадбиқ этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Мазкур тизим орқали Ўзбекистон фуқаролари иш берувчилар билан тўғридан-тўғри меҳнат шартномаларини тузиш имкониятига эга бўлиши қайд этилди.
Шунингдек, Саудия Арабистонида жорий этилган “ Qiwa” платформасини Ўзбекистондаги касбий тайёрлов марказларига интеграция қилиш ҳамда ишчиларнинг малакасини оширишга қаратилган қўшма дастурларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни тизимли ривожлантириш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олдилар. Учрашув якунида Ўзбекистон делегацияси 2026 йил 29–30 январь кунлари Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтадиган “Global Labor Market Conference” халқаро форумида иштирок этишга таклиф этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбек тадбиркорлари ироқлик бизнесменларга ўз маҳсулотларини тақдим этди
Малайзия билан таълим соҳасида эришилган келишувлар амалиётда ўз натижаларини кўрсатмоқда
Ўзбекистон ва Сербия пойтахтлари ўртасида ҳамкорлик янада ривожлантирилади
Туркий давлатлар дезинформацияга қарши биргаликда курашади