Ўзбекистон ва Сербия соғлиқни сақлашдан тортиб давлат бошқарувигача бўлган асосий соҳаларда шерикликни мустаҳкамламоқда
Декабрь 22, 2025. 13:49 • 2 дақ
• 194БЕЛГРАД, 23 декабрь. /“Дунё” АА/. Белградга амалга оширилган ишчи ташриф доирасида Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов ва Сербия ҳукумати вакиллари ўртасида асосий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Сербия соғлиқни сақлаш вазири Златибор Лончар билан ўтказилган музокараларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги Ўзбекистон-Сербия ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар. Сербия томони Президент Александр Вучичнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланган тиббий хизматлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро Битимни амалий ижро этишга тайёрлигини тасдиқлади.
Шунингдек, Сербия спорт вазири Зоран Гайич билан учрашув бўлиб ўтди. Унда спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Сербия спорт вазири Ўзбекистон-Сербия олий даражадаги саммити давомида имзоланган ҳамкорлик баённомаси асосида Ўзбекистон Спорт вазирлиги билан ўзаро алоқаларни фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди. Сербия томони ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қамраб олувчи қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Музокаралар давомида мураббийлар алмашинувини кенгайтириш, спорт федерациялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, шунингдек, спорт илми ва тиббиёти соҳасида ҳамкорлик қилишга ўзаро қизиқиш билдирилди.
Ташриф доирасида Сербия таълим вазири Дежан Вук Станкович билан ҳам учрашув ўтказилди. Томонлар таълим ва академик алмашинув соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, икки мамлакатнинг соҳавий олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар. Қўшма таълим дастурларини ишга тушириш, талаба ва ўқитувчилар алмашинуви, шунингдек, фан ва инновациялар соҳасидаги қўшма лойиҳаларни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Учрашув якунида мулоқотни давом эттириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий қадамларни келишиб олиш, жумладан, 2026 йилда вазирликлар ўртасида онлайн маслаҳатлашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, давлат бошқаруви ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш вазири Снежана Паунович билан музокаралар бўлиб ўтди. Унда давлат бошқаруви ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, тажриба алмашиш, мутахассисларни тайёрлаш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон давлат хизматчилари учун стажировка ва малака ошириш дастурларини ривожлантириш, шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Музокараларда Ўзбекистоннинг Белградда ўтадиган “EKSPO 2027” кўргазмасига тайёргарлик кўришдаги иштироки, жумладан, алоҳида миллий стендни ташкил этиш истиқболлари ҳам тилга олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Сербия пойтахтлари ўртасида ҳамкорлик янада ривожлантирилади
Туркий давлатлар дезинформацияга қарши биргаликда курашади
БАА Адлия вазирлигининг одил судловни амалга ошириш тажрибаси ўрганилди



