Ўзбекистон ва Сербия соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Январ 31, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 52
БEЛГРАД, 31 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарияти ўртасида онлайн-музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова ва Сербия соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат котиби Ивана Сташевич-Карличич иштирок этди. Ушбу учрашув Сербия Президенти Александр Вучичнинг 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган олий даражадаги келишувларнинг амалий ижроси доирасида ташкил этилди.
Музокаралар давомида тиббиёт муассасалари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Сербия томони тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида имзоланган ҳукуматлараро битимни амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади. Мазкур ҳужжатга асосан, 2026 йил давомида 12 нафар Ўзбекистон фуқароси Сербиянинг етакчи тиббиёт марказларида бепул асосда даволаниши кўзда тутилган. Бу қадам икки давлат ўртасидаги ижтимоий ва гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида томонлар тиббиёт соҳасида тажриба алмашиш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва профессионал алоқаларни мустаҳкамлашдан бирдек манфаатдор эканликларини билдирдилар. Келишилган йўналишлар бўйича мунтазам мулоқотни давом эттириш ва қўшма лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлаш бўйича қатъий келишувга эришилди. Бу каби лойиҳалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар асосида оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
