Ўзбекистон фазони тинч мақсадларда ўзлаштириш бўйича “Artemis” битимларини имзолаган 77-давлатга айланди

Октябрь 25, 2026. 16:30 • 3 дақ

• 111
Ўзбекистон фазони тинч мақсадларда ўзлаштириш бўйича “Artemis” битимларини имзолаган 77-давлатга айланди

РИМ, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ой ва бошқа фазовий объектларни тинч мақсадларда ўзлаштиришнинг халқаро тамойилларини қўллаб-қувватлаган ҳолда “Artemis” битимларига қўшилди ва бу ҳужжатни имзолаган 77-давлатга айланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Италиянинг “AstroSpace” агентлигига таяниб.

Ҳужжатни имзолаш маросими Самарқандда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ташрифи чоғида бўлиб ўтди. Ўзбекистон номидан ҳужжатни ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов имзолади.

NASA маъмури ўринбосари Мэтт Андерсон Ўзбекистоннинг қарорини олқишлаб, бу қадам Америка коинот дастури тараққиётининг муҳим босқичида амалга оширилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп NASA олдига Ой базасини қуриш ва инсониятнинг Ой юзасида узоқ муддатли иштирокини таъминлаш вазифасини қўйган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон маҳаллий технологияларни ривожлантириш ва коинот соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган миллий коинот дастурини амалга оширишга киришди.

Мамлакат тарихида илк кичик “CubeSat” сунъий йўлдошини ишлаб чиқиш истиқболли лойиҳалардан бирига айланди. Унинг устида ўзбекистонлик талабалар университетлар иштирокида иш олиб бормоқда ва уни 2028 йилга қадар учириш режалаштирилган.

Битимларни имзолаш Ўзбекистон ва NASA вакилларининг биринчи расмий учрашувидан бир неча ҳафта ўтиб бўлиб ўтди. Октябрь ойи бошида Анталия шаҳрида ўтган “IAC 2026” халқаро астронавтика конгрессида NASA вакиллари Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда “Ўзкосмос” миллий коинот агентлиги делегациялари билан музокаралар ўтказди.

Шунингдек ўқинг

Мамлакат учун кейинги йирик воқеа 2028 йилда Самарқандда Халқаро астронавтика конгрессини ўтказиш бўлади. Бу жаҳон коинот соҳасининг энг йирик ҳар йилги форуми Марказий Осиёда ўтказиладиган илк ҳолат ҳисобланади.

“Artemis” битимлари 2020 йилда NASA ва АҚШ Давлат департаменти томонидан еттита асосчи давлат, жумладан Италия билан биргаликда ташкил қилинган. 

Битимлар юридик жиҳатдан мажбурий ҳалқаро шартнома ҳисобланмайди. Улар 1967 йилги Коинот тўғрисидаги шартномага асосланган Ой, Марс ва коинотнинг бошқа ҳудудларини тадқиқ этишнинг амалий тамойиллари тўпламидан иборат.

Ҳужжатни имзолаган давлатлар коинот фаолиятини тинч ва шаффоф мақсадларда амалга ошириш, хавф остида қолган инсонларга ёрдам кўрсатиш, илмий маълумотларнинг ошкоралигини таъминлаш ҳамда бошқа иштирокчиларнинг фаолиятига аралашишдан тийилиш мажбуриятини оладилар. Коинот объектлари ва тарихий қийматга эга жойларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

“Artemis”га қўшилиш Ўзбекистон учун ўз сунъий йўлдош дастурини ривожлантириш ва Самарқанднинг 2028 йилда дунёдаги энг йирик тармоқ форумларидан бирини ўтказишга тайёргарлик кўриши фонида халқаро коинот ташаббусларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш