Ўзбекистон сифат инфратузилмаси энг тез ривожланаётган бешта давлат қаторига кирди
Ноябрь 11, 2026. 11:00 • 3 дақ
• 112
ВЕНА, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Барқарор ривожланиш учун сифат инфратузилмасининг халқаро рейтинг индексида (QI4SD) 2026 йил якунларига кўра 67-ўринни эгаллаб, ўз кўрсаткичини 28 поғонага яхшилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Рейтинг натижалари 4–6 ноябрь кунлари Вена шаҳрида “Ишонч, савдо ва сифат инфратузилмаси орқали трансформация” мавзусида ўтказилган “Global Quality Forum 2026” халқаро форумида эълон қилинди. Форум 100 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, давлат идоралари, тармоқ институтлари, экспертлар ҳамжамияти ва хусусий сектор вакилларини бирлаштирди.
QI4SD индекси мамлакатларнинг миллий сифат инфратузилмаси, жумладан, метрология,аккредитация, мувофиқликни баҳолаш ва бозор назорати ҳолатини комплекс баҳолайди.
Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни изчил равишда яхшиланиб бормоқда. Хусусан, мамлакат 2022 йилда 130-ўринда бўлган бўлса, 2024 йилда 95-ўринга, 2026 йил якунларига кўра эса 67- ўринга кўтарилди. Шу тариқа, сўнгги тўрт йил ичида республика ўз натижасини 63 поғонага яхшилади.
МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон Россия (18-ўрин) ва Қозоғистондан (61-ўрин) кейин учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, республика 2024–2026 йилларда сифат инфратузилмаси энг юқори суръатларда ривожланаётган давлатларнинг бешлигига ҳам кирди.
Рейтингнинг дастлабки ўнталигидан Хитой, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Испания, Австралия ва АҚШ жой олди.
Форум доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Лазиз Саидорипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО), Жаҳон банки, Халқаро ўлчовлар ва тарозилар бюроси, Халқаро қонуний метрология ташкилоти, Африка ички метрология тизими (AFRIMETS), Ислом давлатларининг стандартлар ва метрология институти, Британ стандартлар институти, “ASTM International” ҳамда “Global A.C.” ташкилотлари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Музокараларда миллий тизимга халқаро стандартларни жорий этиш, метрология ва аккредитацияни ривожлантириш, лабораторияларнинг халқаро эътирофини кенгайтириш, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда мутахассисларнинг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташрифнинг алоҳида натижаси сифатида ЮНИДОнинг 60 йиллигини нишонлаш доирасида Вена шаҳрида Ўзбекистонга бағишланган махсус тадбир ўтказиш бўйича келишувга эришилди. 2026 йил 23–25 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур тадбирда халқаро жамоатчиликка мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сифат инфратузилмасини ривожлантириш натижалари ва QI4SD рейтингидаги ютуқлар таништирилади.
Шунингдек, тажриба алмашиш ва кейинги амалий ҳамкорлик истиқболларини белгилаш мақсадида Австриянинг соҳавий идоралари билан ҳам учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси