Ўшда Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллиги кенг нишонланди
Апрель 24, 2026. 12:55 • 2 дақ
• 291ЎШ, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида атоқли шоир Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллигига бағишланган тантанали хотира тадбири бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу маданий-маърифий тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Минҳожиддин Мирзо бошчилигидаги ижодкорлар, шоирнинг шогирдлари ва оила аъзолари Ўш шаҳрига ташриф буюрди.
Учрашувда Қирғиз Республикаси Давлат котиби Арслан Койчиев, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Бош котиби Султан Раев, Ўш шаҳар мэри Жанар Акаев, Қирғиз Ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Иманалиев, Қирғизистон Ўзбек миллий маданий маркази раҳбарияти, маҳаллий ижод аҳли ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбир бошланишидан олдин меҳмонлар шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган, фотосуратлар, китоблар ва шахсий буюмлар жойлаштирилган кўргазма билан танишди.
Сўзга чиққанлар Шавкат Раҳмон нафақат ўзбек адабиёти, балки бутун турк дунёси адабиётининг йирик вакили эканини таъкидлади.
Султан Раев шоир билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашиб, уни турк дунёси адабиётини бирлаштирувчи шахс сифатида таърифлади. Унинг фикрича, Шавкат Раҳмон ижоди қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларни мустаҳкамловчи муҳим кўприкдир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, халқ шоири Усмон Азим Шавкат Раҳмоннинг ижоди, унинг ўзбек шеъриятида тутган ўрни, ўзбек адабиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида гапириб, шоир билан ўтказган даврлари ҳақида гапирди.
Тадбир доирасида театр ижодкорлари томонидан тайёрланган адабий-мусиқий дастур намойиш этилди. Учрашув байрамона ва самимий руҳда ўтиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ўш давлат университетида Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси, шоир Шуҳрат Орифнинг қирғиз тилига таржима қилинган “44-куз” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Султан Раев, икки мамлакат ёзувчилар уюшмалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Ўш давлат университети ректори Кудайберди Кожобеков ушбу китоб нашрини юқори баҳолаб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги илмий ва маданий алоқалар янада мустаҳкамланганини таъкидлади. У Ўш давлат университетида “Ўзбек тили ва маданияти” маркази фаолият юритаётганини қайд этди.
Меҳмонлар шу куни университетда ўтказилган “Дунё халқларининг маданиятлари” кўрик-танлови доирасида турли давлатлардан келган талабалар тайёрлаган миллий кўргазмалар билан ҳам танишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





