Ўзбекистон миллий маҳсулотлари Хитойнинг Гуандун провинциясида намойиш қилинди
Июнь 05, 2026. 13:55 • 2 дақ
• 3ГУАНЧЖОУ, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Гуандун провинциясининг Гуанчжоу ва Шэньчжэнь шаҳарларида ташкил этилган нуфузли халқаро кўргазмаларда юртимиз вакиллари миллий стенд билан иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Гуанчжоу ва Шэньчжэнь шаҳарлари Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан юқори даражада ривожланган ҳамда истеъмол салоҳияти ўта юқори бўлган йирик мегаполислари қаторига киради. Ушбу стратегик ҳудудлар билан транспорт алоқаларининг жадал ривожланиб бораётгани, хусусан, Тошкент шаҳридан ҳафтасига 10 дан ортиқ тўғридан-тўғри авиақатновлар мунтазам амалга оширилаётгани икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм алоқаларини янада кенгайтириш учун жуда қулай шароит яратмоқда.
Халқаро анжуманлар доирасида миллий ҳунармандчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари, юртимизнинг бой туристик салоҳияти ва жозибадорлиги акс эттирилган Ўзбекистон миллий стенди кўргазма қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, юқори сифати ва кўҳна миллий анъаналарни ўзида мужассам этган кулолчилик, каштачилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги намуналари ва чарм маҳсулотлари иштирокчилар томонидан муносиб баҳоланди ва юксак эътиборга сазовор бўлди.
Кўргазмалар доирасида маҳаллий ва хорижий етакчи компаниялар раҳбарлари билан қатор сермаҳсул учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.
Мулоқотлар давомида икки мамлакат бизнес доиралари вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишнинг истиқболли йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








