Абу-Дабида экология ва барқарор ривожланиш соҳасида Ўзбекистон-БАА ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди
Июнь 08, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 115
АБУ-ДАБИ, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев Бирлашган Араб Амирликларининг Иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазири Амна бинт Абдулла Ал Дахаки билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва БАА ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда барқарор тараққиётни таъминлаш соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.
Унда Ўзбекистон томони мамлакатимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар, жумладан, Орол денгизининг қуриган тубидаги 2 миллион гектардан зиёд майдонда ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар ҳамда миллий ривожланиш стратегиялари доирасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида маълумот берди.
Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон 2030 йилга бориб энергетика балансида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказишни ва иссиқхона газлари чиқиндиларини сезиларли даражада камайтиришни режалаштираётгани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, БАА билан қуёш, шамол ва водород энергетикаси соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани билдирилди.
Шунингдек, томонлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сувни чучуклаштириш ва оқова сувларни қайта ишлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Ўзбекистоннинг замонавий ирригация тизимларини, хусусан, томчилатиб суғоришни қўллаш борасида салмоқли тажрибага эга экани қайд этилди.
Бундан ташқари, Оролбўйи ва Қизилқум минтақасидаги экологик чақириқларни инобатга олган ҳолда чўлланишга қарши курашиш, экотизимларни тиклаш ва ўрмонларни кўпайтириш дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим кун тартиби соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий-эксперт ва таълим алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, экотуризм, табиий ресурсларни барқарор бошқариш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси