Душанбедан муносабат: Тошкент ва Москва ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилмоқда

Июнь 08, 2026. 11:55 • 3 дақ

13
Душанбедан муносабат: Тошкент ва Москва ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилмоқда

ДУШАНБЕ, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 4–5 июнь кунлари Россияга амалий ташрифи ҳамда Петербург халқаро иқтисодий форумида иштироки юзасидан фикр билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 4–5 июнь кунлари Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Санкт-Петербургга амалга оширган ташрифига энди оддий протокол тадбири сифатида эмас, балки Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичга кўтарилаётганини намоён этувчи муҳим сиёсий-иқтисодий воқеа сифатида баҳо бериш лозим. Шу билан бирга, мазкур ташриф Марказий Осиёнинг мустақил ва тобора фаоллашиб бораётган минтақавий иқтисодий ҳамкорлик маркази сифатидаги аҳамияти ортиб бораётганини ҳам яққол кўрсатди.

Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси қурилишининг бошланиши бу хулосаларни янада мустаҳкамлайди. Зеро, атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик оддий сармоявий келишувлардан анча юқори даражадаги муносабатларни англатади. Бу, энг аввало, давлатлар ўртасидаги юксак сиёсий ишонч, узоқ муддатли стратегик режалаштириш ва чуқур технологик ҳамкорлик ифодасидир.

Лойиҳанинг ўзи ҳам ўзига хос хусусиятга эга. У ҳар бири 1 ГВт қувватли иккита ВВЭР-1000 энергоблоки ҳамда ҳар бири 55 МВт қувватга эга иккита РИТМ-200Н кичик модулли реакторни ўз ичига олган дунёдаги биринчи интеграциялашган атом электр станцияси ҳисобланади.

Шунингдек ўқинг

Бу жараёнда Ўзбекистон нафақат миллий манфаатларини илгари сурмоқда, балки Марказий Осиё мамлакатлари билан ташқи ҳамкорлар ўртасидаги мулоқот ва иқтисодий алоқалар учун муҳим платформа вазифасини ҳам бажармоқда. Буни минтақавий етакчиликка даъво сифатида эмас, балки конструктив ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ёндашув сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади. Бугунги кунда Тошкент халқаро ҳамкорлик ва иқтисодий мулоқотнинг муҳим марказларидан бирига айланиб бормоқда.

Умуман олганда, Марказий Осиё давлатлари геосиёсий қарама-қаршиликларга аралашмасдан, мувозанатли ва кўп векторли ташқи сиёсат юритишнинг самарали намунасини намоён этмоқда. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати бунинг ёрқин тасдиғидир.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари ўртасидаги музокаралар якунлари икки давлат муносабатлари узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйганидан далолат беради.

Бугун биз ўзбек-рус стратегик иқтисодий шериклигининг янги модели шаклланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Келгусида ушбу ҳамкорлик Россиянинг Марказий Осиё билан муносабатларининг янги архитектурасида муҳим таянч омиллардан бирига айланиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш