Абу-Дабида Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама музокаралар якунланди
Январ 25, 2026. 15:20 • 2 дақ
• 72
АБУ-ДАБИ, 25 январь. /“Дунё” АА/. Абу-Дабида Россия, АҚШ ва Украина иштирокидаги икки кунлик уч томонлама музокаралар якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Иштирокчиларнинг баёнотлари ва “BBC News”нинг америкалик ва украиналик манбалари хабарларига кўра, музокаралар урушнинг эҳтимолий тугаши параметрлари ва музокаралар жараёнининг кейинги босқичига ўтишга бағишланган.
Музокараларнинг асосий мавзулари Россиянинг ҳудудий даъволари, биринчи навбатда Донбассда; Запороже атом электр станциясининг мақоми ва хавфсизлиги; иккала томондан ҳам кескинликни юмшатиш бўйича мумкин бўлган қадамлар; келишувларнинг бажарилишини, шу жумладан, АҚШ иштирокида халқаро мониторинг ва назорат қилиш механизмлари.
Америка расмийларига кўра, муҳокама истисносиз барча масалалар бўйича олиб борилган, томонлар мураккаб мавзулардан қочмаган. АҚШ вакиллари Россия ва Украина делегацияларининг ишчи гуруҳлари ўртасида воситачилик қилишди. Шу билан бирга, БАА расмийларига кўра, Россия ва Украина вакиллари тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилган.
Украина президенти Владимир Зеленский музокаралар “уруш тугашининг мумкин бўлган параметрлари”га қаратилганини айтди. У келгусидаги келишувлар мониторинги ва хавфсизлик масалаларида АҚШнинг иштироки муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган барча жиҳатлар тўғрисида ўз пойтахтларида ҳисобот беришга келишиб олди: уч томонлама музокаралар форматини давом эттиришга қарор қилинди. Шунингдек, Абу-Дабидаги музокараларнинг янги босқичига тайёрлик тасдиқланди.
АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг маълум қилишича, музокараларнинг навбатдаги раунди келаси ҳафтага режалаштирилган. “Axios” ва “Reuters” маълумотларига кўра, учрашув 1 февраль куни бўлиб ўтиши мумкин.
Қайд этилишича, Абу-Дабидаги музокаралар мулоқотнинг кейинги босқичига қадам бўлди ва тараққиёт давом этса, Россия ва Украина президентларининг учрашувига тайёргарлик кўриш мумкин, у музокараларнинг навбатдаги раундидан кейин ўтказилиши мумкин.
“Reuters” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
