Покистон ОАВ: Ўзбекистон–Покистон тўқимачилик саноатида янги имкониятлар яратилмоқда
Январ 25, 2026. 14:40 • 2 дақ
• 62ИСЛОМОБОД, 25 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг нуфузли “Associated Press of Pakistan”, “DNA News”, “Islamabad Post”, “Centreline”, “The Diplomatic Insight”, “The World News”, “News Network Pakistan” босма ва электрон нашрларида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида енгил саноат соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашр этилган мақолаларда Ўзбекистоннинг Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Рухулло Зикриллаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Покистонга ташрифи тафсилотлари қаламга олинган.
Покистон ОАВ ёзишича, Ўзбекистон ип-калава ва мато ишлаб чиқарадиган тўқимачилик корхоналарини покистонлик тадбиркорлар билан биргаликда ривожлантиришдан манфаатдор.
“Ўзбекистон ҳудудида махсус Ўзбекистон–Покистон тўқимачилик индустриал зонасини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббус қўшма саноат ривожини рағбатлантириш ва ҳар икки мамлакат бизнес жамоалари фаровонлигини оширишга қаратилган солиқ таътиллари каби жозибадор имтиёзларни ўз ичига олади”, – дейилади нашрларда.
Маълум қилинишича, бу таклиф Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Рухулло Зикриллаев ва Исломобод Савдо-саноат палатаси (ICCI) раҳбарияти билан кечган музокаралар давомида муҳокама қилинган.
“Ўзбекистон томони қўшма корхоналар ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳамкорлик орқали ўзбек тадбиркорлари покистонлик компаниялар билан биргаликда юқори сифатли ўзбек матоларини Покистон бозорига олиб кириши ҳамда Европа ва АҚШнинг йирик брендлари учун тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариши мумкин. Ушбу шериклик қиймат занжирини ошириш ва ўзаро манфаатли экспорт ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилади”, дея қайд этилган материалларда.
Таъкидланишича, ICCI президенти Сардар Тоҳир Маҳмуд Покистон ва Ўзбекистон савдо, транспорт, энергетика, туризм, минтақавий боғлиқлик ва бошқа кўплаб соҳаларда улкан салоҳиятга эга эканини билдирди.
Мақолалар якунида, ушбу ташриф икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаб, мавжуд ташаббусларни амалий натижаларга айлантиришига ишонч уйғотгани урғуланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



