Logo

Анқарада тарихий фильми тақдимоти бўлиб ўтди

Апрель 18, 2026. 20:00 • 2 дақ

26
Анқарада тарихий фильми тақдимоти бўлиб ўтди

АНҚАРА, 18 апрель. /“Дунё” АА/. Туркия пойтахтида мамлакатимиз элчихонаси томонидан ватандош талабалар иштирокида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар берди “Дунё” АА мухбири.

Унда Туркиянинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ҳамда қўшни давлат талабалари иштирок этди.

Тадбир доирасида европалик кинематографлар билан ҳамкорликда суратга олинган “Темурланг. Сўнгги жаҳонгирнинг юксалиши” (Tamerlane: Rise of thе last Conqueror) номли тарихий фильм тақдимоти бўлиб ўтди.

Машҳур “Netflix” компанияси томонидан яратилган фильм ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида жасорат кўрсатган, Шарқ халқларини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилган, тарихда ўчмас из қолдирган Соҳибқирон Амир Темур ҳақида. Кино картинада Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келиши ҳамда у қолдирган мерос ҳақида ҳикоя қилинади.

Суратга олиш гуруҳига Ўзбекистон, Қозоғистон ва АҚШдан мутахассислар жалб этилган. Режиссёр – Жейкоб Шварц, сценарий муаллифи – Метью Грин. Амир Темур ролини Кристиан Мортенсен, Амир Ҳусайннинг рақибини Маҳеш Жаду, Алжайнинг рафиқасини эса ўзбек актрисаси Юлдуз Ражабова ижро этган. Каскадёрлар гуруҳини афсонавий “Nomad Stunts” жамоаси бошқарган – улар ёрдамида отлиқлар ҳужуми ва от жанглари саҳналарини жонлантиришга муваффақ бўлишган.

Мазкур фильм орқали талабалар Темурийлар даври, уларнинг давлатчилик, илм-фан, маданият ва бунёдкорлик ривожига қўшган ҳиссаси билан батафсил танишди.

Тадбирда Анқарада таҳсил олаётган Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжондан келган талабалар Темурийлар сулоласининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тақдимот давомида талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, Туркияда таълим олиш жараёнида юзага келаётган долзарб масалалар муҳокама қилинди, уларни қизиқтирган мавзуларга атрофлича жавоб берилди.

Маданий-маърифий тадбир якунида элчихона биносида ҳар ойнинг муайян санасида “Элчихона кино кунлари”ни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш