“Times Kuwait”: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат музей, балки таълим ва илмий платформа вазифасини ҳам бажаради
Апрель 14, 2026. 15:15 • 3 дақ
• 101
АЛ-КУВАЙТ, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг инглиз тилидаги “Times Kuwait” ҳафталик газетасида юртимизда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирлар хусусида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистонда буюк давлат арбоби, саркарда ва илм-фан ҳамда маданият ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланди.
Амир Темур жаҳон тарихида буюк давлат арбоби, моҳир саркарда ва илм-фан ҳомийси сифатида алоҳида ўрин тутади. XIV–XV асрлардаги мураккаб сиёсий жараёнлар шароитида у кенг ҳудудларни бирлаштириб, мустаҳкам ва барқарор давлат тизимини яратди.
Мақола муаллифи қайд этишича, Амир Темур сиёсатида дипломатия муҳим ўрин эгаллаган. У Франция, Англия ва Кастилия каби Европа давлатлари билан самарали алоқалар ўрнатган. 1404 йилда Самарқандга ташриф буюрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз хотираларида шаҳарнинг юксак даражадаги бошқаруви, ривожланган инфратузилмаси ва хорижий элчиларга кўрсатилган ҳурмат-эътиборни алоҳида қайд этган.
Амир Темур давлат бошқаруви учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳам яратган. “Темур тузуклари”га кўра, давлат бошқаруви маслаҳат, муҳокама, пухта режалаштириш ва қатъий қарор қабул қилиш тамойилларига таянган.
Бу даврда илм-фан ривожи ҳам юксак босқичга кўтарилган. Айниқса, астрономия соҳасида катта ютуқларга эришилиб, “Зижи Султоний” каби фундаментал асарлар яратилган ва минглаб юлдузлар координаталари аниқ ҳисобланган.
Бугунги кунда Темурийлар мероси Ислом цивилизацияси марказида кенг ва замонавий ёндашувлар асосида намоён этилмоқда. Бу ерда ноёб қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, қурол-аслаҳа намуналари, миниатюралар ҳамда интерактив экспозициялар орқали Темурийлар даври тарихи кенг ёритилган.
Марказда VR ва AR технологиялари, голограммалар ҳамда сунъий интеллект имкониятлари орқали тарих жонлантирилган ҳолда намойиш этилади. Бу эса ташриф буюрувчиларга тарихни нафақат кўриш, балки уни ҳис қилиш имконини яратади.
Таъкидланганидек, Ислом цивилизацияси маркази фақат музей эмас, балки кенг қамровли таълимий ва илмий платформа бўлиб, у бой тарихий меросни келажак авлодларга етказишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, марказ ислом цивилизациясининг Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврлари ютуқларини ўрганиш, шунингдек, “Учинчи уйғониш” ғоясини илмий асосда ривожлантиришга хизмат қилувчи интеллектуал кўприк вазифасини ҳам бажармоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси