Покистон ОАВ: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Guinness World Records” томонидан ҳам тан олинди
Апрель 18, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 65ИСЛОМОБОД, 18 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Diplomatic Insight” журнали, “Infora News” ва “The Gulf Observer” Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Guinness World Records” томонидан Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгани ҳақида мақолаларни эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Тантанали тақдирлаш маросими “Guinness World Records” расмий вакили ва ҳаками – Шейда Субаши иштирок этиб, Марказ барча халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади. Мукофот Марказ Илмий кенгаши аъзоларига топширилди”, – дейилган нашрларда.
“Guinness World Records расмий вакили сифатида шуни айтишим мумкинки, музейнинг ҳар бир бурчаги ва тақдим этилган ҳар бир экспонат ўзига хос ноёбликка ҳамда маданий қийматга эга. Ушбу мажмуани барпо этиш ортида йиллар давомида олиб борилган кенг кўламли ва машаққатли меҳнат ётганлиги яққол кўриниб турибди. Музейга ташриф буюриш мени жуда ҳайратда қолдирди — бу ҳақиқатан ҳам чуқур ва мазмунли тажриба бўлди. Бу улкан саъй-ҳаракатлар ва юксак профессионаллик натижаси бўлган улкан ютуқдир. Guinness World Records тили билан айтганда, бу — ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли”, – дея Шейда Субаши сўзларидан иқтибос келтирилган нашрларда.
Покистон ОАВ ёзганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик мегалойиҳаси сифатида ҳаётга тадбиқ этилган улкан илмий-маърифий ва музей мажмуасидир. Лойиҳа 2017 йилда бошланган бўлиб, 2026 йил 17 мартда якунига етди.
Таъкидланганидек, Марказ илмий салоҳият, маданий мерос ва замонавий технологияларни ягона маконда бирлаштирган Янги Ўзбекистоннинг ноёб маданий-маърифий платформаси сифатида қад ростлади. Лойиҳа Давлат раҳбарининг миллий ўзликни англашни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонни жаҳон майдонида Ислом цивилизациясининг асосий марказларидан бири сифатида тарғиб қилиш борасидаги стратегик қарашларини акс эттиради.
“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Guinness World Records” мақомининг олиниши Ўзбекистоннинг Ислом фани, маданияти ва маърифатининг муҳим туристик ва тарихий марказларидан бири сифатидаги ролини мустаҳкамлайди”, – деб ёзган Покистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

