Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон – Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
Июль 30, 2026. 15:05 • 3 дақ
• 69
ТОШКЕНТ, 30 июль. /“Дунё” АА/. Чўлпонота шаҳридаги “Руҳ Ордо” маданият марказида бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон – Қирғизистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан 1,2 миллиард долларга етди. 450 та қўшма корхона ташкил этилди, кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Тараққиёт фонди самарали фаолият юритмоқда.
Шаҳарлар ўртасида 15 та авиақатнов, 5 та автобус йўналиши йўлга қўйилган.
Бу галги ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда қатор бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.
Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирлик, идора ва ҳудудлар, ишбилармон доиралар ва экспертлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди.
Халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасидан келиб чиқиб, яқин фурсатда импорт ўрнини фаол босиш асосида ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, икки давлат пойтахтларида савдо уйлари ва ваколатхоналари очилади.
Устувор йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда энергетика, геология, муҳим минераллар, логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида янги савдо шартномалари ва инвестиция келишувларининг тўплами қабул қилинди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланди. Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаб, уни амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳанинг жорий ҳолати юзасидан фикр алмашилди.
Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида мазкур темир йўл бўйлаб чегараолди ва савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштириш, автоташувчилар учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди.
Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиш нуқталари экани таъкидланди.
Бу борада жорий йил якунига қадар барча вилоятлар иштирокида биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши ҳамда уларнинг ўзаро ташрифлари жадвали тасдиқланиши белгилаб олинди.
Маданият, ёшлар, туризм, таълим, илм-фан ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Музокаралар давомида Бош вазир ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартиби бўйича аниқ таклифларни ўзи ичига олган ахборотлари тингланди.
Якунда Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси