АҚШда ўзбек аёллар кенгаши ташкил этилади
Декабрь 23, 2025. 10:52 • 52 сония
• 290
ФИЛАДЕЛЬФИЯ, 28 декабрь. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Филадельфия шаҳрида ўзбек диаспораси вакиллари бўлган ишбилармон аёллар учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир, “Ватан” жамияти ҳамда Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуман самимий ва конструктив руҳда ўтиб, тадбиркорлик, жамоат ишлари ва ижтимоий соҳаларда фаолият юритаётган диаспора вакилларини бирлаштирди. Иштирокчилар аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда диаспора ҳамжамиятида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Тадбир доирасида риэлторлик ва юридик хизматлар соҳасида фаолият юритувчи компаниялар томонидан тақдимотлар ўтказилди ва бу иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув якунлари бўйича ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, “Ватан” жамияти кўмагида Аёллар кенгашини ташкил этиш, хотин-қизлар иштирокида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, минтақада истиқомат қилаётган ватандош аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун ихтисослаштирилган маслаҳат марказини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Ушбу тадбирнинг ўтказилиши диаспора бирлашмаларининг Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари билан самарали ҳамкорлигининг навбатдаги намунаси бўлди. Бу ватандошларни жипслаштириш ва уларнинг хориждаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси