Финляндияда Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маданий тадбирлар ўтказилди
Август 24, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 116
ҲЕЛЬСИНКИ, 24 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ва Финляндияда фаолият юритаётган “Юлдуз” Марказий Осиё жамияти ҳамкорлигида Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбирларни ташкил этишдан асосий мақсад Финляндияда бўлиб турган ватандошлар, маҳаллий жамоатчилик вакиллари иштирокида Ўзбекистоннинг миллий маданияти, санъати, мусиқа ва рақс анъаналарини кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий меросини хорижий жамоатчиликка намойиш этишдан иборат бўлди.
Ҳелсинки шаҳрида бўлиб ўтган “Санъат кечаси” фестивалида ўзбек миллий мусиқаси ва рақслари, маданий кўргазмалар ҳамда миллий таомлар дегустацияси тақдим этилди. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг мусиқий анъаналари, миллий санъати ва маданий мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
15 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Сеҳрли Ипак йўли” халқаро фестивали доирасида турли мамлакат санъаткорлари ўз ижод намуналарини намойиш қилди. Концерт дастурида жаҳон мусиқаси, миллий қадриятлар ва маданий мероснинг замонавий талқинлари тақдим этилди. Бухоро вилояти маданиятига бағишланган кўргазма ва тақдимотлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувда Бухоро вилоятидан ташриф буюрган санъаткорлар томошабинларни ўзбек миллий мусиқа ва рақс санъатининг ўзига хос намуналаридан баҳраманд қилди. Ижодкорларнинг чиқишлари иштирокчилар томонидан олқишланиб, алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатилди.
Мазкур маданий тадбирлар Ўзбекистоннинг хориждаги ижобий имижини мустаҳкамлаш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни халқаро майдонда тарғиб қилиш имконини берди.
Шу билан бирга, бундай фестиваллар Финляндияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси