Сиена университетида Марказий Осиё элчилари иштирокида брифинг ўтказилди
Май 08, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 58СИЕНА, 8 май. /“Дунё” АА/. Сиена университетида Италия Халқаро ташкилотлар жамияти (SIOI) ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари элчилари иштирокида брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир доирасида италиялик таҳлилчилар томонидан тайёрланган “Марказий Осиё – минтақанинг қайта кашф этилиши: Италия ва ЕИ учун имкониятлар” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар асарда келтирилган асосий қарашлар, жумладан, Италиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан тарихий алоқалари ҳамда сўнгги йилларда кўп томонлама ҳамкорликнинг кенгайиб бораётгани юзасидан фикр алмашди.
Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг сайёҳлар, тадбиркорлар ва сармоядорлар учун жозибадорлиги ортиб бораётганини таъкидлади. Бу, хусусан, Европа давлатлари ва Италиядан келаётган сайёҳлар оқими ўсишида ҳам яққол намоён бўлаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг “Safety Index”, “International SOS Risk Map” ва “Gallup Global Law and Order” каби халқаро рейтинглардаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, экспертлар Марказий Осиё мамлакатларининг йиллик камида 5 фоиз даражасидаги иқтисодий ўсиш суръатлари ва барқарор ривожланиш динамикасини юқори баҳолади. Улар Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш муҳимлигини қайд этиб, Италиянинг минтақанинг узоқ муддатли савдо-иқтисодий ҳамкори сифатидаги роли келгусида ҳам кучайишини билдирди.
Муҳокамалар чоғида дунёдаги мураккаб геосиёсий вазият шароитида Марказий Осиёнинг барқарорлик ва изчил тараққиёт минтақаси сифатидаги нуфузи ортиб бораётгани, шу билан бирга, унинг инвестициявий жозибадорлиги янада кучаяётгани қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

