Куала-Лумпурда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди
Декабрь 25, 2025. 10:04 • 2 дақ
• 114КУАЛА-ЛУМПУР, 25 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонасида мамлакатимиз зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Малайзиянинг “Bumitra” сайёҳлик компаниялари уюшмаси раҳбарияти, шунингдек, маҳаллий туроператорлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев иштирокчиларга мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанд вилоятида мусулмон мамлакатларидан ташриф буюрувчи зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган янги Имом ал-Бухорий мажмуаси қурилиши кенг кўламда олиб борилаётгани қайд этилди.
Мулоқот давомида хорижий сайёҳларни фаол жалб қилиш мақсадида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Малайзия фуқаролари учун Ўзбекистонда визасиз режим жорий этилгани таъкидланди.
Шунингдек, Тошкент, Куала-Лумпур ва Лангкави ороли ўртасида саёҳат қулайлигини ошириш мақсадида “Uzbekistan Airways”, “Batik Air” ва “Air Asia” авиакомпаниялари томонидан ҳафтасига 8 мартагача тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилаётгани маълум қилинди. Ушбу рейслар Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан Марказий Осиёга, шу жумладан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Иштирокчиларга республика туркомпаниялари томонидан тақдим этилаётган сайёҳлик хизматлари, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва пойтахтимизнинг туризм дастурлари, зиёрат туризми, қишки туризм, гастрономик туризм, “Умра плюс” каби турпакетлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Икки мамлакат туроператорларининг B2B шаклидаги учрашувлари доирасида зиёрат туризм, қишки туризм ва бошқа турдаги турпакетларни Малайзия бозорида кенг тарғиб қилиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“Хитойда Ўзбекистон туризми йили” якунлари сарҳисоб қилинди
Швейцарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Немис туроператорлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан танишди
Ўзбекистон–Япония ўртасида сайёҳлар алмашинуви ривожланмоқда
Ўзбекистон ва Германия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда



