Британия туроператорлари Ўзбекистон зиёрат туризмига катта қизиқиш билдирмоқда

Июнь 29, 2026. 12:00 • 2 дақ

63
Британия туроператорлари Ўзбекистон зиёрат туризмига катта қизиқиш билдирмоқда
Британия туроператорлари Ўзбекистон зиёрат туризмига катта қизиқиш билдирмоқда

ЛОНДОН, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Буюк Британияда мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва зиёрат туризми имкониятларига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбир Британиянинг “Halal Travel” компанияси асосчиси Ҳафса Гахер ҳамда “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Буюк Британиядаги бренд элчиси Софи Ибботсон билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Учрашувда Британиянинг туризм соҳаси етакчи вакиллари, туроператорлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда мусулмон жамоатчилиги намояндаларидан иборат 50 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этди.

Тақдимот давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли марказида жойлашган, минг йиллик тарихга, бой маданий меросга ва юксак исломий қадриятларга эга давлат экани ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек ўқинг

Тадбирнинг асосий қисмида мамлакатимизнинг муқаддас зиёратгоҳлари ва буюк ислом уламолари мероси, хусусан, Самарқанд шаҳрида тўлиқ қайта барпо этилган ҳамда замонавий инфратузилмага эга Имом Бухорий мажмуаси алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида барпо этилган ҳамда “энг йирик Ислом цивилизацияси музейи” сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ҳам батафсил маълумот тақдим этилди. Марказда Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий мероси, ноёб қўлёзмалар, тарихий экспонатлар ва ислом цивилизациясининг ривожига бағишланган замонавий экспозициялар жой олгани қайд этилди.

Шу билан бирга, республикамизда “ҳалол” туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ишлар, ҳалол сертификатига эга туристик хизматлар, меҳмонхоналар ҳамда янги, мақбул зиёрат йўналишлари намойиш этилди.

Тадбир доирасида Британия туроператорлари билан Ўзбекистонга мусулмон сайёҳлар оқимини ошириш, зиёрат туризмини кенг ривожлантириш ҳамда ушбу истиқболли йўналишдаги икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш