НамДУ педагоглари Малайзиянинг нуфузли университетлари тажрибаси билан танишди
Июль 31, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 64
КУАЛА-ЛУМПУР, 31 июль. /“Дунё” АА/. Наманган давлат техника университети (НамДУ) ректори Ойбек Эргашев бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Малайзияда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф чоғида Малайзиянинг етакчи олий таълим муассасалари – Малайя университети, МАРА технология университети (UiTM) ва Паҳанг Султон Абдуллоҳ университети (UMPSA) раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.
Музокараларда олий таълим, илмий тадқиқотлар ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида UiTM билан уч йил муддатга мўлжалланган янги ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Томонлар сунъий интеллект ва “смарт” ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лаборатория ташкил этиш, “яшил” технологиялар ва барқарор муҳандислик йўналишида илмий марказ фаолиятини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришди.
Шу билан бирга, дуал PhD дастурларини жорий этиш, докторантлар учун икки томонлама илмий раҳбарлик тизимини йўлга қўйиш ҳамда халқаро грантлар асосида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.
Сафар давомида делегация аъзолари UMPSAнинг Қуёш тадқиқотлари институти, Сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлили институти ҳамда қатор илмий лабораториялар фаолияти билан танишди. Учрашувлар давомида замонавий илмий инфратузилмани такомиллаштириш, инновацион ишланмаларни жорий этиш ва тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича Малайзия тажрибаси ўрганилди.
Делегация вакиллари IX Халқаро функционал материаллар ва қурилмалар конференцияси (ICFMD–2026)да қатнашиб, халқаро экспертлар билан мулоқот қилди. Суҳбат давомида университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси