Ўзбекистон ва Швеция меҳнат миграцияси соҳасида амалий ҳамкорликка ўтмоқда

Ноябрь 10, 2026. 18:00 • 2 дақ

• 141
Ўзбекистон ва Швеция меҳнат миграцияси соҳасида амалий ҳамкорликка ўтмоқда
Ўзбекистон ва Швеция меҳнат миграцияси соҳасида амалий ҳамкорликка ўтмоқда
Ўзбекистон ва Швеция меҳнат миграцияси соҳасида амалий ҳамкорликка ўтмоқда

СТОКГОЛЬМ, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Швецияга уч кунлик амалий ташрифи бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Делегация таркибидан Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов, Ўзбекистон Президенти Администрацияси, Ташқи ишлар ҳамда Ички ишлар вазирликлари вакиллари ўрин олган.

Ташриф Ўзбекистон элчихонаси, Швеция миграция агентлиги ҳамда Халқаро миграция ташкилоти кўмагида ташкил этилди.

Ушбу ташриф 2026 йил 10 июнда Тошкентда имзоланган ва

1 ноябрдан кучга кирган Миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битимни ҳаётга татбиқ этишнинг илк амалий босқичи бўлди.

Швецияда малакали мутахассисларга барқарор талаб мавжудлиги туфайли ушбу мамлакат Ўзбекистон учун алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Соғлиқни сақлаш, кексаларни парваришлаш, қурилиш, муҳандислик-техника ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кадрларга эҳтиёж юқорилигича қолмоқда. Бу ўзбекистонликларни Европа меҳнат бозорида уюшган ҳолда иш билан таъминлаш учун кенг имкониятлар яратади.

Ташрифнинг биринчи кунида Швеция миграция агентлиги бош директори ўринбосари Анника Готтберг билан музокаралар ўтказилди. Унда томонлар битим доирасидаги амалий ҳамкорлик механизмлари ҳамда Ўзбекистон фуқароларига ишлаш учун рухсатномалар расмийлаштириш тартибини кўриб чиқди.

Шунингдек, Швеция Олий касбий таълим миллий агентлиги бош директори ўринбосари Кристер Бергквист билан ҳам алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор касбий малакаларни ўзаро тан олиш ҳамда Швеция меҳнат бозори талаблари ва стандартларига мос мутахассисларни Ўзбекистонда тайёрлаш имконини берувчи қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқишга қаратилди.

Ўзбекистон делегацияси швед ҳамкорларини мамлакатимизда миграция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳам таништирди. Хусусан, 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар – техникумлар дастурларини хорижий иш берувчилар талабларига мослаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш вазифаларини хусусий бандлик агентликларига ўтказишга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Номзодларни касбга ўқитиш, уларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашни назарда тутувчи “тайёрлаш – ишга жойлаштириш – ҳимоя қилиш” моделини шакллантириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу жараёнда касбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик, малакаларни тан олиш ва академик мобиллик ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон делегациясининг Швецияга амалий ташрифи давом этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш