Россиянинг Свердловск вилоятида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан учрашув бўлиб ўтди
Ноябрь 05, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 123
ЕКАТЕРИНБУРГ, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари Россиянинг Свердловск вилоятига вақтинча ишлаш учун келган ватандошлар билан сайёр учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида ҳамюртларга консуллик-ҳуқуқий масалалар, жумладан, паспортларни расмийлаштириш, Ўзбекистонда берилган ҳужжатлардан Россияда фойдаланиш ва мамлакат миграция қонунчилигига риоя қилиш бўйича маслаҳатлар берилди.
Хориждаги фуқароларнинг хавфсизлиги масалалари, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали ноқонуний фаолият, гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш, экстремизм ва терроризмга жалб қилиниш хавфларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ватандошлар чет эл қуролли кучлари ва хусусий ҳарбий компаниялар сафига қўшилмаслик ҳақида алоҳида огоҳлантирилиб, Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган жиноий жавобгарлик тўғрисида эслатиб ўтилди.
Миграция агентлиги вакиллари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 апрелдаги 252-сонли қарорида назарда тутилган имкониятлар, жумладан, меҳнат мигрантлари учун моддий ёрдам, тиббий хизмат ва бошқа турдаги кўмакларни олиш тартиби ҳақида маълумот берди.
Учрашув якунида юртдошларимизга Россия қонунчилигига риоя қилиш ҳамда чет элда ишга жойлашиш ва бўлиб туриш вақтида эҳтиёткор бўлиш тавсия этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси