Москва давлат лингвистика университетида ўзбек тилини ўрганган талабаларга диплом топширилди
Июль 13, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 95МОСКВА, 13 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси дипломатлари Москва давлат лингвистика университетининг Халқаро муносабатлар ва ижтимоий-сиёсий фанлар институти битирувчиларига диплом топшириш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу йил “Хорижий минтақашунослик” йўналишида таҳсил олган ва ўзбек тилини иккинчи хорижий тил сифатида ўрганган бакалаврлар ўқишни тамомлади.
Талабалар ўзбек тилини ўрганиш жараёнида ўзбек халқи маданияти ва санъати билан яқиндан танишди, элчихона томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда, буюк ўзбек шоири, ёзувчиси, мутафаккири ва давлат арбоби Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Абдулла Орипов сингари атоқли адиблар хотирасига бағишланган анжуманларда фаол қатнашди.
Ўзбекистон элчихонаси вакили битирувчилар ҳамда МДҲ ва яқин хориж мамлакатлари тиллари ва маданиятлари кафедраси доценти, ўзбек тили ўқитувчиси Бегам Караевани ўқув жараёнини муваффақиятли якунлагани билан табриклади. Шунингдек, топширилган еттита дипломдан олтитаси имтиёзли диплом эканини алоҳида таъкидлади.
Дипломат барча битирувчиларга келгуси касбий фаолиятида муваффақият тилади, олинган билим ва кўникмалар, ўзбек тили ва маданияти бўйича орттирилган тажриба – Ўзбекистон–Россия муносабатларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


