Ўзбекистон элчихонасида “Арт-караван: маданиятлар мулоқоти” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди

Ноябрь 02, 2026. 09:30 • 2 дақ

• 225
Ўзбекистон элчихонасида “Арт-караван: маданиятлар мулоқоти” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди
Ўзбекистон элчихонасида “Арт-караван: маданиятлар мулоқоти” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди
Ўзбекистон элчихонасида “Арт-караван: маданиятлар мулоқоти” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди
Ўзбекистон элчихонасида “Арт-караван: маданиятлар мулоқоти” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди

МОСКВА, 2 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида ўзбекистонлик ва россиялик рассомларнинг ижод намуналарига бағишланган “Арт-Караван: маданиятлар мулоқоти” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп асрлик маданий алоқалар, Туркистон рассомлик мактаби анъаналари ҳамда замонавий санъатнинг ўзаро уйғунлигини намоён этишга қаратилган.

Кўргазмада икки мамлакат рассомларининг турли жанр ва йўналишлардаги асарлари намойиш этилди. Уларда рус пленэр мактаби анъаналари Шарқнинг бой безак санъати билан, Европа модернизми эса Шарқ миниатюраси мероси билан уйғунлашган ҳолда акс этган.

Лойиҳа концепциясида карвон тимсоли мужассам бўлиб, у замон ва маконлар, турли маданиятлар ҳамда бадиий қарашлар ўртасидаги узвий боғлиқликни ифодалайди. Айниқса, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, бетакрор меъморчилиги, ранглари ва табиати рассомлар учун муҳим илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Лойиҳа раҳбари ва ташкилотчиси, Ўзбекистонда туғилиб ўсган рассом Ирина Коваленконинг таъкидлашича, “Арт-Караван” ташаббуси 2022 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган илк ижодий пленэрлардан бошланган.

Шундан буён ҳар йили баҳор ва куз фаслларида россиялик рассомлар иштирокида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида пленэрлар ўтказиб келинмоқда. Уларнинг натижалари асосида Ўзбекистон ва Россияда мунтазам равишда кўргазмалар ташкил этилмоқда.

Жумладан, 2026 йил сентябрь ойида Москвадаги “Вихино” галереясида лойиҳа доирасида кўргазма ўтказилиб, унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яратилган юздан ортиқ асар намойиш этилди. 21–25 октябрь кунлари Зураб Церетели номидаги Санъат галереясида Хивадаги пленэрлар давомида яратилган ижод намуналарини ҳам қамраб олган кўргазма ташкил этилди.

“Арт-Караван” фақат кўргазмалар билан чекланиб қолмай, давра суҳбатлари, илмий конференциялар ва ижодий пленэрларни ҳам қамраб олади. Бу икки мамлакат рассомлари, санъатшунослари ва маданият намояндалари ўртасидаги тажриба алмашинувини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Лойиҳа ташкилотчилари фикрича, санъат инсонларни бирлаштирадиган, халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстликни мустаҳкамлайдиган муҳим воситадир.

“Арт-Караван: маданиятлар мулоқоти” ташаббуси ҳам Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини санъат орқали янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш