ЖЧ-2026: Мундиалдаги Ўзбекистон ўйинлари хориждаги ватандошларни бирлаштирмоқда
Июнь 26, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 122ТОШКЕНТ, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан футбол бўйича FIFA-2026 Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларини биргаликда томоша қилиш тадбирлари ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Берлинда Ўзбекистон элчихонаси томонидан Германия жамоатчилиги, ишбилармон доиралар, ҳамкор ташкилотлар, ОАВ вакиллари ва ватандошлар иштирокида ўйиннинг жамоавий томошаси уюштирилди.
Трансляция бошланишидан аввал меҳмонларга “Ўзбек футболи: орзу, сабр ва ғурур тарихи” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Миллий терма жамоани қўллаб-қувватлашга қаратилган шу каби тадбирлар ўзбек диаспораси кўмагида Германиянинг Гамбург, Ганновер ва бошқа қатор шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Иштирокчилар терма жамоанинг дунё биринчилигидаги иштироки тарихий аҳамиятга эга эканини ҳамда бундай учрашувлар ватандошлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини алоҳида қайд этди.
Прагада элчихона ва “Чехиядаги Ўзбекистон талабалари ассоциацияси” ҳамкорлигида “Самарканд” ресторанида ўйиннинг жамоавий томошаси ташкил этилди. Унда ватандошлар, талабалар ва хорижий давлатлар вакиллари жам бўлди.
Тадбир давомида турли викториналар ўтказилиб, ғолибларга эсдалик совғалари ва миллий терма жамоа атрибутикалари топширилди. Ушбу учрашув ўзбек ёшларини жипслаштириш, миллий ғурур туйғусини кучайтириш ва хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб қилишга хизмат қилди.
Минскда ҳам элчихона ва Ўзбекистон ёшлар уюшмаси ҳамкорлигида Беларусь олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун жамоавий намойиш ташкил этилди.
Самимий ва дўстона муҳитда ўтган тадбир давомида иштирокчилар миллий терма жамоамизни фаол қўллаб-қувватладилар. Бу учрашув ватандошлар ўртасида мулоқот ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ёшлар орасида Ўзбекистон миллий анъаналари ва маданиятини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



