Ўзбекистон дипломатлари Саудия Арабистонида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашди

Июнь 25, 2026. 12:30 • 2 дақ

154
Ўзбекистон дипломатлари Саудия Арабистонида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашди

АР-РИЁЗ, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ва Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида Фан ва технологиялар университетида таҳсил олаётган талабалар билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – иштирокчиларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, таълим, илм-фан ва спорт соҳаларидаги ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатнинг ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда профилактик тушунтириш ишлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлди.

Учрашув иштирокчиларига ўқиш жараёнига масъулият билан ёндашиш, юқори малакали мутахассис бўлиб етишиш ҳамда келгусида эгалланган билим ва кўникмаларни Ўзбекистоннинг тараққиёти ва равнақи йўлида самарали қўллаш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, дипломатик ваколатхоналар орқали консуллик-ҳуқуқий хизматлардан фойдаланиш тартиби, фуқароларни ўз вақтида консуллик ҳисобига қўйиш ҳамда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Мулоқот давомида Саудия Арабистони қонунчилигига қатъий риоя қилиш, рухсат этилмаган оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, шунингдек, экстремистик ва радикал ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дипломатлар иштирокчиларни Яқин Шарқ минтақасидаги мавжуд вазият ҳақида ҳам хабардор қилиб, хавфсизлик чораларига қатъий амал қилиш, ҳушёрликни сақлаш ва масъулиятли ёндашув муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунида савол-жавоблар сессияси ташкил этилди. Унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича батафсил жавоблар ва консуллик-ҳуқуқий масалалар юзасидан амалий тавсиялар олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш