Словакиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ўз фаолиятини бошлайди
Октябрь 18, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 101
БРАТИСЛАВА, 18 октябрь. /“Дунё” АА/. Словакия пойтахтида Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Акрам Алиев ҳамда Словакия иқтисодиёт вазирлиги давлат секретари Владимир Шимоняк ҳамраислигида ўтказилди.
Йиғилиш доирасида Словакиянинг Инвестициялар ва савдони ривожлантириш агентлигининг Ўзбекистондаги савдо вакили институти ўз фаолиятини бошлади. Мазкур лавозимга тайинланган Лукаш Енчо жорий йил ноябрь ойи бошида Тошкент шаҳрида ўз фаолиятини бошлайди.
Мулоқот чоғида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 300 миллион АҚШ долларига етказиш, инвестициявий шериклик ва саноат кооперациясини кенгайтириш, шунингдек, автомобилсозлик, энергетика, фармацевтика, транспорт инфратузилмаси ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Словакиянинг “Matador Holding”, “DATAPAC”, “Betamont”, “Saneca Pharmaceuticals”, “MicroStep-MIS” ва “SOITRON” компаниялари вакиллари билан музокаралар ташкил этилиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва амалий қадамлар белгилаб олинди.
Мажлис якунида эришилган келишувларни мустаҳкамловчи баённома имзоланди. Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2027 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси