Омскда Ўзбекистон маданияти ва тарихига бағишланган мультимедиа кўргазмаси очилди
Февраль 23, 2026. 14:38 • 53 сония
• 70ОМСК, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Россиянинг Омск шаҳридаги “Евразия сегодня” халқаро мультимедиа марказида “Ўзбекистон маданияти кунлари” фестивали доирасида анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тўғридан-тўғри трансляция режимида ташкил этилган анжуманда Омск вилояти Ўзбекистон халқлари жамоатчилик-маданият маркази раиси Феруза Адашева, “Россия – Менинг тарихим” тарихий парки директори Александр Тихонов ҳамда “Ватандошлар” жамоат фонди вакили Ҳожиакбар Исақов иштирок этди.
Тадбирда Омск аҳолиси ва меҳмонларининг ўзбек маданиятига бўлган юксак қизиқиши алоҳида эътироф этилди. Фестивалдан кўзланган асосий мақсад — халқимизнинг бой ва ранг-баранг маданий меросини тарғиб қилиш орқали миллатлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, ўзаро англашув ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кенгайтиришдан иборат бўлди.
Кўргазманинг мультимедиа форматида ташкил этилгани ташриф буюрувчиларга Ўзбекистоннинг тарихий салоҳиятини янгича нигоҳ билан кашф этиш имконини берди. Экспозицияда ўзбек халқининг урф-одатлари, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар сиймоси, Янги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ва мамлакатимизнинг жозибадор туристик йўналишлари намойиш этилди.
Фестиваль доирасида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кечалар ҳам ўтказилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



