Logo

Ҳиндистон парламентида Ўзбекистон билан парламентлараро дўстлик гуруҳи ташкил этилди

Март 09, 2026. 10:30 • 3 дақ

71
Ҳиндистон парламентида Ўзбекистон билан парламентлараро дўстлик гуруҳи ташкил этилди

ДEҲЛИ, 9 март. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг олий қонун чиқарувчи органида «Ҳиндистон–Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи (India-Uzbekistan Parliamentary Friendship Group) ташкил этилгани расман эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу қадам икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг мантиқий давоми бўлди. Сўнгги йилларда ўзаро муносабатлар иқтисодиёт ва юқори технологиялардан тортиб, маданий-гуманитар алмашинувгача бўлган барча асосий соҳаларда изчил суръатда ривожланиб бормоқда.

Мазкур гуруҳ Ҳиндистон парламенти қуйи палатаси - Лок Сабҳа спикери Ом Бирла ташаббуси билан шакллантирилди. Лок Сабҳа Котибияти янги Дўстлик гуруҳи фаолиятига старт берувчи махсус резолюцияни қабул қилди.

Гуруҳ таркибининг инклюзивлиги унинг ўзига хос жиҳатидир. Унга парламентнинг юқори (Ражья Сабҳа) ва қуйи (Лок Сабҳа) палаталари аъзолари, шунингдек, ҳукмрон коалиция ҳамда мухолифат партиялари вакиллари киритилди. Ҳукмрон БЖП (Бҳаратия жаната парти) партиясидан депутат, таниқли сиёсий арбоб Ганеш Сингҳ Дўстлик гуруҳи раҳбари этиб тайинланди.

Гуруҳнинг ташкил этилиши Лок Сабҳа спикери Ом Бирланинг 2025 йилда Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди. Тошкентда ўтказилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясида Ҳиндистон делегациясига раҳбарлик қилган Ом Бирла Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева томонидан қабул қилинган эди.

Читайте также

Ушбу учрашувлар давомида томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг барқарор ўсиши, товар айирбошлаш ҳажмининг ошиши, энергетика, фармацевтика, IT-соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани ва авиақатновлар кенгаётганини мамнуният билан қайд этганди. Икки мамлакат ҳудудлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун парламентлараро алмашинувни фаоллаштириш, дўстлик гуруҳлари ва ёшлар платформаларини яратиш муҳимлиги алоҳида таъкидланган эди.

Бугунги кунда парламент дипломатияси инвестициялар, рақамли технологиялар, тўқимачилик саноати, фармацевтика, таълим ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ташаббусларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим воситасига айланмоқда.

Ҳиндистон томонининг расмий маълумотига кўра, Дўстлик гуруҳи фаолияти қонун чиқарувчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни чуқурлаштириш ва соҳавий қўмиталар даражасида алоқаларни мустаҳкамлаш, қонунчилик амалиёти ва давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш, иқтисодий, маданий, таълим ва гуманитар соҳалардаги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Тошкент ва Деҳли ўртасидаги стратегик шериклик доирасидаги узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш каби йўналишларга қаратилади.

Экспертларнинг таъкидлашича, Деҳлида парламентлараро ҳамкорликнинг доимий механизми яратилиши Ўзбекистоннинг Ҳиндистон учун Марказий Осиёдаги асосий ҳамкор сифатидаги алоҳида мақомини яна бир бор тасдиқлайди. Ўзаро сайёҳлар оқими фаол ўсиб бораётган ва янги таълим дастурлари (жумладан, Ҳиндистоннинг етакчи олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганиш) йўлга қўйилаётган бир шароитда, Дўстлик гуруҳининг фаолияти икки халқни янада яқинлаштиришда ишончли таянч бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш