Ўзбекистон-АҚШ ўртасида юридик таълим йўналишида ҳамкорлик ривожлантирилади
Март 06, 2026. 13:20 • 3 дақ
• 138
ВАШИНГТОН, 6 март. /“Дунё” АА/. Вашингтондаги Америка университети юридик коллежида (American University Washington College of Law») халқаро ва қиёсий ҳуқуқий тадқиқотлар дастури директори Падидеҳ Алай бошчилигидаги олий таълим муассасаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида юридик таълим йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма таълим ва касбий дастурларни ишга туширишни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Музокаралар чоғида Америка томони мактабнинг юқори академик даражасини таъкидлаб, халқаро тижорат ҳуқуқи бўйича АҚШнинг ТОП-10 талигига киришини ва халқаро савдо, инвестиция ҳуқуқи, арбитраж ва қиёсий ҳуқуқшунослик бўйича катта тажрибага эга эканини таъкидлади.
Университет вакиллари ҳамкорликнинг учта асосий йўналиши - академик мобиллик ва магистрлик дастурлари, инвестициявий ҳамкорликка кўмаклашиш ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳуқуқ соҳасида давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш борасидаги тажрибалари ҳақида маълумот берди.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари, жумладан, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан шерикликни кенгайтириш, бунда талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун академик алмашинув дастурларига алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинди.
Шунингдек, назария ва амалиётни уйғунлаштирган ҳолда қўшма магистрлик ва қисқа муддатли курсларни ташкил этиш, халқаро тижорат ва оммавий ҳуқуқ йўналишлари бўйича ўқишга кирувчилар учун молиявий имтиёзлар бериш режалаштирилган.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси билан биргаликда давлат хизматчилари ва амалиётчи ҳуқуқшуносларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурлари комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклиф этилди. Университетнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда ҳам қисқа муддатли, ҳам узоқ муддатли курслар, шу жумладан, ихтисослаштирилган тренинглар, стажировкалар ва алмашинув дастурларини жорий этиш режалаштирилган.
Халқаро савдо ҳуқуқи, ЖСТ ҳуқуқи, инвестицияларни тартибга солиш ва халқаро низоларни ҳал этиш соҳаларида мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу дастурлар халқаро ҳуқуқий муҳитда самарали ишлай оладиган ва мамлакатнинг малакали халқаро юристларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондира оладиган юқори малакали мутахассисларни шакллантиришга қаратилган.
АҚШ томони Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши ташкил этилишидан хабардорлиги ва у билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини таъкидлади. Америкаликлар ҳуқуқий маслаҳатлар беришда ёрдам бериш, лойиҳаларни кузатиб бориш, таҳлилий материалларни тайёрлаш, ишларни мувофиқлаштириш учун Кенгаш котибияти билан ўзаро англашув меморандумини имзолашга тайёр эканини билдирди.
Бундан ташқари, 2026 йил май ойида олий таълим муассасаси раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, академик алоқаларни мустаҳкамлаш ва университетлар ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш имконини берувчи таълим туризмини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси