Ўзбекистон ва Британия оқова сув инфратузилмасини модернизация қилишда ҳамкорлик қилади
Август 04, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 83ЛОНДОН, 4 август. /“Дунё” АА/. Оқова сувларни тозалаш тизимини модернизация қилиш бўйича мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида “Cambi Group” компанияси раҳбари Пьер Лиллебё билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув доирасида компаниянинг Конглтон шаҳрида жойлашган заводига ҳамда “Cambi” технологик ечимлари ўрнатилган “Severn Trent Water” сув таъминоти компаниясининг Стронгфорд шаҳридаги оқова сувларни қайта ишлаш иншоотига ташриф буюрилиб, ишлаб чиқариш ва технологик жараёнлар билан яқиндан танишилди.
Пьер Лиллебёнинг маълум қилишича, “Cambi” оқова сувлардан ҳосил бўладиган чўкиндилар ва органик чиқиндиларни самарали бошқариш учун термал гидролиз жараёни ечимларини ишлаб чиққан йирик технологик компания ҳисобланади. Айни пайтда компания технологиялари дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакатларидаги қарийб 100 та оқова сувларни тозалаш иншоотларида, жумладан, Буюк Британия, АҚШ, Германия, Норвегия, Хитой, Сингапур ва Япония каби йирик давлатларда кенг қўлланилмоқда.
Қайд этилишича, “Cambi” технологиялари канализация чўкиндилари ҳажмини 2 бараваргача қисқартириш, биоўғит ва биогаз ишлаб чиқариш самарадорлигини 50 фоизгача ошириш ҳамда атроф-муҳитга зарарсиз ва қишлоқ хўжалигида тўғридан-тўғри фойдаланиш мумкин бўлган қайта ишланган маҳсулот олиш имконини беради.
Британия томони Ўзбекистонда сув таъминоти ва оқова сув инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, режалаштирилаётган йирик лойиҳаларда ўз технологик ечимлари билан иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот якунида “Cambi Group”ни Ўзбекистонда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳаларга жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


