Ригада тўрт давлат ҳамкорлигида Наврўз байрам тадбири ўтказилди
Март 19, 2026. 18:34 • 2 дақ
• 99
РИГА, 20 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси ташаббуси билан Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркия давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ҳамкорлигида Наврўз байрами муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Рига шаҳрида ўтказилган ушбу байрам тадбирида Латвия расмий доиралари, ижтимоий-сиёсий ва илмий-академик жамоатчилик вакиллари, ишбилармонлар, шунингдек, ўзбек маданий маркази аъзолари ва ватандошлар фаол иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан элчихона вакиллари Наврўз умумхалқ байрами эканини, у азалдан халқлар ўртасида меҳр-оқибат, хайру-саҳоват, бағрикенглик, бунёдкорлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни тарғиб қилиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ушбу байрам турли миллат ва маданият вакилларини бирлаштирувчи ўзига хос кўприк вазифасини ўташи қайд этилди.
Тадбир доирасида иштирокчи давлатлар томонидан миллий стендлар ташкил қилиниб, уларда ҳар бир халқнинг бой тарихи, анъаналари ва маданий мероси намоён этилди. Ўзбекистон стендида эса мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти, миллий либослар, нозик каштачилик санъати ва халқ амалий санъатининг турли намуналари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
Байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлаш мақсадида “Халқлар дўстлиги” ансамбли санъаткорлари томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.
Тўрт давлат ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Иштирокчилар бундай маданий тадбирлар турли миллат вакилларини яқинлаштириш, ўзаро ҳурмат ва англашувни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси