Баҳром Абдуҳалимов: Хориждаги кимошди савдоларида мингга яқин қўлёзма сотиб олиниб, юртимизга қайтарилган
Март 20, 2026. 11:39 • 3 дақ
• 74
ТОШКЕНТ, 20 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Халқимиз, умуман, бутун ислом олами кутаётган муҳим воқеа юз берди: юртимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази расман иш бошлади. Муборак Рамазон ойининг саодатли кунларида ушбу муҳташам мажмуанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида, аввало, Марказни ташкил этиш тарихига батафсил тўхталиб, уни таъсис этиш ташаббуси БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида расман билдирилганини эслатди. Шунингдек, амалга оширилган ишлар босқичлари ва бугунги кунгача эришилган натижалар ҳақида фикр билдирди.
Беш бўлимдан иборат Ислом цивилизацияси маркази уч минг йиллик тарихга эга экани таъкидланди. Шу билан бирга, унинг аҳамияти нафақат кўлами, архитектураси ва дизайни билан, балки унинг асосида ётган чуқур илмий концепция билан ҳам белгиланишини таъкидлаш лозим.
Президентимиз истиқболдаги вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди: “Бу – улкан ислоҳотларимизнинг бошланиши, дебочаси, холос. Экспонатларни қайтариш, янги кўргазмалар ташкил этиш бўйича ҳали кўплаб лойиҳаларни амалга оширишимиз керак. Ва, бу ишни бугундан бошлаш зарур”.
Алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган қисқа даврда салмоқли натижаларга эришилди. Марказда қатор илмий ишланмалар ва реконструкциялар амалга оширилди. Масалан, Абу Райҳон Берунийнинг глобуси қайта яратилди. Ўз даврида олим уни батафсил тасвирлаб берган, аммо бундай глобус илгари яратилмаган. Ўзбек тадқиқотчилари олимнинг бизгача етиб келган асарлари асосида уни қайта тиклашга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, мингга яқин қўлёзма хорижий кимошди савдоларида сотиб олиниб, юртимизга қайтарилган.
Марказнинг асосий вазифаси ҳақида гапирганда, шуни таъкидлаш керакки, у, аввало, халқимизга, ёшларимизга қаратилган. Уни зиёрат қилган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўз тарихи, маданий мероси ва буюк аждодлари билан фахрланади. Қолаверса, бу шунчаки фахр туйғуси эмас, балки ҳаракатга, мамлакат тараққиёти ва фаровонлигига ҳисса қўшишга интилишга ундайдиган рағбатдир.
Исломнинг маърифат, тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамкорликка даъват этувчи дин сифатидаги асл моҳиятини намойиш этиш ҳам Марказнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Умуман олганда, Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг ўтмиши, бугуни ва келажагини бирлаштирувчи, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим илмий-маърифий платформага айланганини таъкидлаш мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси