Logo

Тошкентда илк бор зилзила қурбонларини хотирлаш кунига бағишлаб халқаро конференция ўтказилди

Апрель 29, 2026. 16:55 • 2 дақ

234

ТОШКЕНТ, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда илк бор 29 апрель – Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни муносабати билан халқаро конференция ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Зилзилалар кам учрайдиган табиий офатлардан бири бўлса-да, улар жуда катта вайронгарчилик ва оғир оқибатларга олиб келади. Шунинг учун бу масала халқаро ҳамжамият учун муҳим йўналишлардан бирига айланган.

Мазкур ташаббус 2023 йил 16 март куни Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган эди. Қисқа вақт ичида у алоҳида қўллаб-қувватланиб, 2025 йил 29 апрель куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан тегишли резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Тошкентда ўтказилган конференция ушбу қарорнинг амалий ифодаси бўлди. Унда 30 га яқин давлатдан юз нафардан ортиқ мутахассислар, халқаро экспертлар ва расмий делегациялар иштирок этди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов, БМТ Бош котибининг табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича махсус вакили Камал Кишор, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Кенжи Хирата, Осиё сейсмология комиссияси раиси Рубен Татевосов, Туркия ички ишлар вазирлиги департамент бошлиғи Али Хамза Пехливан ҳамда бошқа экспертлар мавзу юзасидан фикр билдирди.

Сўзга чиққанлар зилзилаларга тайёргарликни кучайтириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Конференция давомида хорижий тажрибалар алмашилди, янги ёндашувлар муҳокама қилинди ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.

Тадбир 1966 йилда Тошкентда содир бўлган кучли зилзиланинг 60 йиллиги арафасида ўтказилгани унга алоҳида маъно бағишлади. Иштирокчилар зилзила қурбонлари хотирасига эҳтиром кўрсатди.

Конференция якунда қатнашчилар инсонпарварлик тамойилларини илгари суриш, аҳолини турли хавф-ҳатарларга тайёрлаш ва сейсмик хавфсизликни кучайтириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш