Тошкентда таниқли латвиялик ортопед-жарроҳ иштирокида юқори технологик хайрия операцияси ўтказилди
Июнь 19, 2026. 21:30 • 2 дақ
• 27
ТОШКЕНТ, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Латвиядаги машҳур травматолог-ортопед, жарроҳ Каспарс Удрис амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф дастури доирасида “AKFA Medline” тиббиёт маркази, Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ва экспертлари иштирокида учрашувлар ташкил этилди.
Музокаралар давомида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий мутахассислар иштирокида семинарлар, анжуманлар ва малака ошириш дастурларини ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Каспарс Удрис Ўзбекистоннинг етакчи тиббиёт муассасалари билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашувларда қўшма операциялар сонини кўпайтириш, тажриба алмашинувини фаоллаштириш ҳамда илмий-амалий анжуманлар, ўқув курслари ва маърузаларни мунтазам ўтказиб бориш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, ташриф доирасида травматология ва ортопедиядаги замонавий ёндашувлар, жарроҳлик йўли билан даволашнинг илғор усуллари ҳамда беморларни реабилитация қилиш масалаларига бағишланган маърузалар, маҳорат дарслари ва илмий-амалий учрашувлар бўлиб ўтди.
Ташрифнинг муҳим амалий натижаси ўлароқ, “AKFA Medline” тиббиёт марказида Каспарс Удрис ва ўзбекистонлик мутахассислар иштирокида юқори технологияли жарроҳлик операцияси ўтказилди. Ушбу операция маҳаллий шифокорларга травматология ва ортопедия соҳасидаги илғор Европа ёндашувлари билан танишиш имконини берди. Жарроҳлик амалиёти хайрия асосида бемор учун бепул тарзда ўтказилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси