Токиода “Япония – Ўзбекистон” ассоциацияси йиғилиши бўлиб ўтди

Июль 01, 2026. 18:00 • 2 дақ

48
Токиода “Япония – Ўзбекистон” ассоциацияси йиғилиши бўлиб ўтди

ТОКИО, 1 июль. /“Дунё” АА/. Токио шаҳрида “Япония – Ўзбекистон” ассоциациясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Япониянинг вазирлик ва идоралари, жамоат ташкилотлари, илмий ва ишбилармон доиралар вакиллари, ОАВ ходимлари ҳамда ушбу кунчиқар юртда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган ватандошларимиз қатнашди.

Йиғилишда Ўзбекистон Президентининг 2025 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи ҳамда биринчи “Марказий Осиё + Япония” саммити икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани алоҳида эътироф этилди.

Жорий йилда Токио, Нагоя, Осака, Фукуока, Нарита каби шаҳарларда Ўзбекистоннинг туризм ва инвестиция салоҳиятига бағишланган ўнлаб тақдимот ва бизнес форумлар ўтказилди. Маълум қилинишича, 2025 йилнинг ўзида Ўзбекистонга 32 мингга яқин япон сайёҳи ташриф буюрган.

Шунингдек ўқинг

Ассоциация раиси, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Фумиҳико Като ташкилот томонидан йил давомида анъанавий янги йил учрашувлари, маданий дастурлар ва миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилгани, “Ассалому алайкум” ахборот бюллетени мунтазам нашр этилаётганини қайд этди.

Тадбирда иқтисодий соҳадаги ўзига хос лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди. 2023 йилдан буён Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган, япон технологияси асосида хурмо қоқи ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Ушбу ташаббус мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш ва деҳқонлар даромадини оширишга хизмат қилмоқда.

Йиғилиш якунида иштирокчилар учун анъанавий “Сиз Ўзбекистонни биласизми?” мавзусида маданий викторина ташкил этилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

1998 йилда ташкил этилган мазкур ассоциация Японияда “халқ дипломатияси” йўналишидаги асосий дўстлик жамияти ҳисобланиб, ўз атрофида 300 га яқин таниқли сиёсатчи, иқтисодчи, маданият арбоблари ва юридик шахсларни бирлаштирган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш