Ўзбекистон ва Беларусь биржалари ўртасида электрон савдони ривожлантириш бўйича келишувга эришилди
Август 26, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 62
МИНСК, 26 август. /“Дунё” АА/. Минск шаҳрида Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси бошқаруви раиси Асадулла Қаюмов ва Беларусь универсал товар биржаси бошқаруви раиси Александр Осмоловский ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида икки мамлакат биржалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси орқали ўзбек маҳсулотларининг Беларусь бозорига экспорт ҳажмини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Беларусда фаолият юритаётган ўзбек тадбиркорларининг маҳаллий солиқ қонунчилиги бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида мунтазам ўқув-семинарлар ва маслаҳатлашув курсларини ташкил этиш, шунингдек, давлат харидларида иштирок этиш бўйича тажриба алмашишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида Республика товар-хомашё биржаси ва Универсал товар биржаси ўртасида икки мамлакат компанияларининг электрон савдоларда иштирок этишига кўмаклашиш тўғрисида ҳамкорлик битими имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки давлат биржалари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга кўтариш, ўзаро товар айланмасини ошириш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси