АҚШда “Улуғ Амир ва Дoнна Мария” фильми премьераси бўлиб ўтди
Апрель 20, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 193
ВАШИНГТОН, 20 апрель. /“Дунё” АА/. АҚШдаги нуфузли Жорж Вашингтон университетида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг асосий воқеаси – “Улуғ Амир ва Дoнна Мария” бадиий фильмининг премьераси бўлди. Марказий Осиё тарихий меросини оммалаштириш ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу намойиш Америка жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувда АҚШ Давлат департаменти вакиллари, тарихчи олимлар, сиёсатшунослар, Жорж Вашингтон университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда ватандошларимиздан иборат 150 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этди.
Кинонамойиш олдидан Амир Темурнинг тарихий роли ва унинг давридаги цивилизациявий ютуқларга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Мулоқот чоғида соҳибқирон мероси нафақат ҳарбий тарих, балки самарали давлат бошқаруви тизими, дипломатия ва илм-фан ривожига қўшилган улкан ҳисса экани таъкидланди. Жумладан, Марказий Осиё дастури директори, профессор Себастьен Пейруз Амир Темурнинг стратегик маҳорати, меъморчилик ва шаҳарсозлик анъаналарини шакллантиришдаги етакчилик ролига юқори баҳо берди.
XV асрнинг тарихий воқеалари ва замонавий сюжетини ўзида мужассам этган “Улуғ Амир ва Дoнна Мария” фильми томошабинларда катта таассурот қолдирди. Намойишдан сўнг иштирокчилар фан, таълим ва маданий дипломатия соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Вашингтонда ўтказилган ушбу тадбир Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш, Амир Темур меросини жаҳон миқёсда тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги академик мулоқотни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси