Япониянинг Нагоя шаҳрида Ўзбекистон тақдимоти бўлиб ўтди
Июнь 16, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 58НАГОЯ, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси томонидан Нагоя шаҳар мэрияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон куни. Ҳамкор шаҳар — Тошкентнинг мафтункорлиги” мавзусида тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нагоя халқаро марказида бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, кўп асрлик тарихи, Амир Темур ва Темурийлар даврининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Буюк Ипак йўли марказида жойлашган қадимий шаҳарларимизнинг бетакрор меъморчилиги ҳақида маълумотлар берилди, махсус видеолавҳалар намойиш қилинди. Иштирокчиларга Тошкент шаҳрининг бугунги замонавий қиёфаси, иқтисодий тараққиёти ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳам маълумот тақдим этилди.
Нагоя шаҳар мэрияси вакили Миюки Сатакэ Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик 2019 йилда имзоланган шериклик келишувидан сўнг янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Қайд этилганидек, Нагояда Тошкентни тарғиб қилувчи автобуслар йўналишларга чиқарилган. Бундан ташқари, шаҳарда ўзбек миллий таомлари ресторанлари ва миллий маҳсулотлар дўконлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Тадбирда Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг собиқ вакили Ясуаки Мори иштирок этиб, Ўзбекистондаги фаолияти давомида ўзбек ёшларининг билимга, хусусан, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва робототехникага бўлган юқори қизиқиши унда катта таассурот қолдиргани хусусида сўз юритди.
Анжуман доирасида каштачилик, ёғоч ўймакорлиги намуналари ва миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди. Нагоялик меҳмонларда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг тарихий обидалари катта қизиқиш уйғотди. Тадбир якунида иштирокчиларга ўзбек миллий таоми – палов тортиқ этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



