Исроилда Янги Ўзбекистоннинг маданий ва сайёҳлик имкониятлари намойиш қилинди
Июнь 13, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 128НАЗАРЕТ, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Исроилнинг Назарет шаҳрида халқаро муносабатларга бағишланган “Миллатлар маданияти, мулоқот, ҳамкорлик ва умумий назар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Араб маданий уюшмалари форуми билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Латвия, Япония, Бельгия, Австралия, Нидерландия, Филиппин ва Польша дипломатик ваколатхоналари вакиллари, маҳаллий маданий ташкилотлар раҳбарлари ҳамда етакчи сайёҳлик ширкатлари мутахассислари иштирок этди.
Анжуман доирасида мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари томонидан “Янги Ўзбекистон” номли кенг қамровли тақдимот намойиш қилинди. Дипломатлар ўз чиқишларида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан маданий-гуманитар соҳани ривожлантириш, миллий қадриятларни тиклаш ва асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда тизимли янгиланишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ислом дунёсида тутган беқиёс ўрни, бой диний-маънавий тарихи, буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий ва бошқа улуғ алломаларнинг ислом илм-фанини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси алоҳида қайд этилди. Меҳмонларга Ислом цивилизацияси маркази ҳамда қайта реконструкция қилинган Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Давра суҳбатида буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур шахси ва унинг тарихий фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланаётгани, унинг даврида Мовароуннаҳрда илм-фан ва маданият юксак босқичга кўтарилгани тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, йиғилганларга республикамизнинг қадимий шаҳарлари, жозибадор туризм масканлари, айниқса, зиёрат ва гастрономик туризм йўналишлари ҳамда мавжуд тўғридан-тўғри авиақатновлар хусусида батафсил тушунчалар берилиб, хорижлик меҳмонлар Ўзбекистонга таклиф этилди.
Халқаро муносабатлар бўйича Араб кенгаши директори Холид Халифа ташкилот вакиллари 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрганларини мамнуният билан ёдга олди. У Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва маданий соҳадаги юксак имкониятларини юқори баҳолади.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган давра суҳбати якунида иштирокчилар Ўзбекистоннинг маданий ва сайёҳлик соҳаларидаги ютуқларини эътироф этиб, узоқ муддатли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга қатъий интилишларини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

