Япониянинг Осака шаҳридаги реклама экранларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда
Ноябрь 01, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 77
ОСАКА, 1 ноябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг Осака шаҳридаги энг гавжум туристик ҳудудлардан бири — Намба–Дотонбори кўчасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиши ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Реклама кампанияси Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан 26 октябрдан 1 ноябрга қадар ўтказилмоқда. Давомийлиги 15 сония бўлган видеороликлар ҳар куни соат 08:00 дан 24:00 га қадар соатига тўрт марта трансляция қилинмоқда.
“Ипак йўли юраги – Ўзбекистонга хуш келибсиз!” мавзусидаги видеороликлар томошабинларни Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг бой тарихий-маданий мероси, ноёб архитектура ёдгорликлари ҳамда мамлакатнинг замонавий туристик инфратузилмаси билан таништиради.
Намба–Дотонбори Осака ва Кансай минтақасининг энг машҳур туристик марказларидан бири ҳисобланади. У кўплаб ресторанлар, дўконлар, кўнгилочар масканлар ва ёрқин реклама лавҳаларга бойлиги билан ажралиб туради.
Мазкур реклама кампанияси Ўзбекистоннинг Япония сайёҳлик бозоридаги таниқлигини ошириш, мамлакатимизнинг туристик имкониятларини кенг тарғиб қилиш ва япон сайёҳларини жалб этишга қаратилган.
Япония Ўзбекистон учун истиқболли туристик ҳамкорлардан бири саналади. 2025 йилда Ўзбекистонга 32 мингдан ортиқ Япония фуқароси ташриф буюрган бўлса, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида бу кўрсаткич 36 мингдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53,3 фоизга ўсди.
Намба–Дотонбори чорраҳасидан ҳар куни 200 мингдан зиёд, дам олиш кунлари эса бир миллиондан ортиқ одам ўтади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси