ЮНЕСКО бош қароргоҳида нишонланган Халқаро Весак кунида Ўзбекистон ташкилотчи сифатида қатнашди
Май 07, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 239ПАРИЖ, 7 май. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Халқаро Весак кунига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбирда Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонаси илк бор 14 та давлат делегацияси билан биргаликда ҳамкор ташкилотчи сифатида иштирок этди.
Байрамда ЮНЕСКОга аъзо давлатлар вакиллари, дипломатик корпус намояндалари, шунингдек, таниқли маданият ва санъат арбоблари қатнашди.
Ўзбекистон томонининг иштироки ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 43-сессияси қарорларини амалга оширишнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур тадбирларни ўтказиш масаласи ўтган йил ноябрь ойида Бош конференция кун тартибига киритилган ҳамда ЮНЕСКО Ижроия кенгаши қарорлари асосида кўриб чиқилган. Бу эса халқаро ҳамжамиятнинг маданиятлараро мулоқот, ўзаро тушуниш ва ҳурматни мустаҳкамлашга бўлган эътибори ортиб бораётганини кўрсатади.
Тадбир давомида тинчлик, ўзаро ҳурмат ва уйғун яшаш каби умуминсоний қадриятлар, шунингдек, маданий хилма-хилликни сақлаш ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Марказий Осиёдаги маънавий ва маданий алмашинувларнинг қадимий марказларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган, кўп асрлик диний ва маданий ҳамжиҳатлик анъаналарини акс эттирувчи ноёб буддавийлик археологик мажмуалари – Қора-тепа, Фаёзтепа ва Далварзинтепа ҳақида маълумотлар берилди.
Ушбу объектларни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш маданий-маърифий туризмни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий меросига халқаро қизиқишни ошириш ҳамда янги сайёҳлик йўналишларини шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва ўзаро англашув ғояларини тарғиб қилиш, мамлакатнинг туризм салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон миллий таомлари тақдимоти маданий дастурнинг ажралмас қисмига айланди. Жумладан, иштирокчиларга 2016 йилда ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос репрезентатив рўйхатига киритилган анъанавий ўзбек паловидан татиб кўриш имконияти яратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

