“Лазги” III Халқаро рақс фестивалида Сибирдан келган “Ярада” ўзбек рақс ижрочилари ансамбли иштирок этди
Апрель 30, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 244ТОШКЕНТ, 30 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Томск шаҳридаги ўзбек миллий рақсларини ижро этувчи “Ярада” рақс ансамблининг Ўзбекистонга илк хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
2012 йилда ташкил этилган мазкур жамоа Сибир ҳудудида ўзбек миллий рақсларини профессионал даражада ижро этувчи ягона рус ансамбли ҳисобланади. 2026 йил апрель ойида улар Томскда ўтказилган танловда ғолиб бўлган.
Ташриф дастуридан қатор нуфузли маданий муассасаларда учрашув ва маҳорат дарслари ўрин олди. Жумладан, “Баҳор” давлат рақс ансамбли, Республика хореография мактаб-интернати, Ўзбекистон давлат хореография академияси, “Лазги” ансамбли ҳамда Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларидаги хореография муассасалари вакиллари билан турли учрашувлар ўтказилди.
Ташриф давомида ансамбль нафақат ўз маҳоратини намойиш этди, балки ўзбек миллий рақс санъати усталаридан янги билим ва тажриба ҳам олди.
Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири – жамоанинг “Лазги” Халқаро рақс фестивалида иштирок этиши бўлди. Ушбу фестиваль 30 дан ортиқ мамлакатдан 300 дан зиёд санъаткор ва профессионал жамоаларни бирлаштирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



