Logo

Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида ўзбек ва турк рассомларининг ижод намуналари намойиш қилинди

Май 03, 2026. 15:30 • 2 дақ

274
Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида ўзбек ва турк рассомларининг ижод намуналари намойиш қилинди
Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида ўзбек ва турк рассомларининг ижод намуналари намойиш қилинди

АНҚАРА, 3 май. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Анадолу университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Очиқ осмон остидаги рассомлик” номли санъат тадбири турк ОАВ орқали кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “HABER TURK” нашрида эълон қилинган мақолада ёзилишича, ушбу санъат тадбирида Ўзбекистон томонидан Давронбек Шукуров, Шаҳноза Асқарова, Нодира Хасанова, Рихситилла Акрамов, Шоҳруҳ Қосимов, Азамат Қучқаров, Муаззам Нурматова ва Отабек Номозов иштирок этди. Туркиядан эса Анадолу университети Тасвирий санъат факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари қатнашган.

Анадолу университети доценти Гулчин Каража ушбу тадбир ўзбек-турк санъат ҳамкорлигини янада кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

“IHA” нашрида қайд этилишича, тадбирдан кўзланган мақсад икки муассаса ўртасидаги келгусида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун замин яратишдир.

Уч қисмдан иборат дастурнинг биринчи босқичи Анадолу университетининг “Япон боғи”да амалий семинар шаклида ўтказилди. Турк ва ўзбек рассомлари иштирок этаётган тадбир табиат билан ҳамнафас ҳолда, дўстона руҳда бўлиб ўтмоқда.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ўзбек рассомчилик санъати бўйича семинар ташкил этилди. Учинчи босқичда эса семинар давомида яратилган асарлар Анадолу университетининг кўргазмалар залида намойиш этилади.

“Очиқ осмон остидаги рассомлик” санъат тадбири доирасида бўлиб ўтаётган кўргазма 8 майгача давом этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш