Logo

Ўзбек ва қозоқ етакчилари ўртасидаги учрашувлар иттифоқчилик муносабатларини янги босқичга олиб чиқади

Апрель 16, 2026. 22:00 • 2 дақ

81
Ўзбек ва қозоқ етакчилари ўртасидаги учрашувлар иттифоқчилик муносабатларини янги босқичга олиб чиқади

 ПЕКИН, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Хитойнинг нуфузли “Psearcher” журнали муҳаррири Ван Минмей “Дунё” АА мухбирига Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Хитой Қозоғистон ва Ўзбекистонни муҳим чегарадош давлатлар, йирик савдо ҳамкорлари ва яқин дўст мамлакатлар сифатида кўради. Шу боис, икки давлат ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама лойиҳалардаги ҳамкорликнинг аҳамияти ва кўлами юқори баҳоланади.

Ўйлашимча, давлат раҳбарларининг деярли ҳар йили ўзаро ташрифларни амалга ошириши ва халқаро ҳамда минтақавий майдонларда мунтазам учрашиб туриши икки давлат ўртасидаги мустаҳкам алоқалардан далолат беради.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилгани, Олий давлатлараро кенгаш ва бошқа қатор тузилмалар ташкил этилгани ҳам ўзаро ҳамкорлик юқори даражада эканини кўрсатади.

Шунингдек ўқинг

Фикримча, Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Буюк Ипак йўли давридан бери очиқ осмон остидаги музей сифатида танилган Бухоро шаҳрига ташрифи алоҳида аҳамиятга эга. Қозоғистон Президентини аэропортда шахсан Ўзбекистон Президенти кутиб олгани эса икки мамлакат ўртасидаги юксак ҳурмат ва дўстликнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Қозоғистон Марказий Осиёда Ўзбекистонга энг йирик сайёҳлар етказиб берувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, икки давлат раҳбарларининг йирик туризм объектларига, жумладан, Баҳоуддин Нақшбандий мақбарасига биргаликда ташриф буюриши катта аҳамиятга эга. Бу келгусида сайёҳлар оқимини, айниқса зиёрат туризмини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, мазкур ташриф Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини янги босқичга олиб чиқади. Шу билан бирга, “Марказий Осиё – Хитой” формати ташаббускори сифатида Хитой икки қўшни давлат ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланишидан манфаатдор.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш