Москвадан муносабат: Ўзбекистон Евроосиёда иқтисодий, транспорт-логистика ва гуманитар йўналишда ишончли ҳамкорга айланмоқда
Июнь 06, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 8
МОСКВА, 6 июнь. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими, Жамоатчилик дипломатияси ва жаҳон сиёсатини таҳлил қилиш маркази директори, Россия халқаро ишлар бўйича кенгаши эксперти Александр Воробьёв “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 4–5 июнь кунлари Россияга амалий ташрифи ҳамда Петербург халқаро иқтисодий форумида иштироки юзасидан фикр билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга ташрифи Москва ва Тошкент ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Ўзбекистоннинг Халқаро иқтисодий форумдаги бундай юқори даражадаги иштироки икки томонлама муносабатлар даражаси ва бугунги кунда амалга оширилаётган ташаббусларнинг Тошкент учун ҳам, Москва учун ҳам муҳимлигидан далолат беради.
Ушбу ташриф Москва ва Тошкент ўртасидаги муносабатларни, энг аввало, иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг барқарор тенденциясини намоён этмоқда. Кун тартиби марказида Ўзбекистонда “Росатом” иштирокида АЭС қурилиши масаласи турибди.
Мазкур лойиҳа жаҳон атом саноати учун кўп жиҳатдан аҳамиятлидир. У катта ва кичик қувватли объектларни ягона мажмуада бирлаштирган атом электр станциясини қуриш бўйича дунёдаги биринчи экспорт шартномасидир. Шунингдек, саноат кооперацияси ва қўшма саноат технопарклари фаолиятини рағбатлантириш, логистика ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб иқтисодий лойиҳалар муҳокамалар марказида бўлди.
Ўзбекистон етакчисининг Халқаро иқтисодий форумга ташрифи ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича илгари белгиланган тенденциянинг давоми бўлди. Май ойининг иккинчи ярмида томонлар Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган эди. Остонада эса Президент Шавкат Мирзиёев шахсан қатнашди.
Ҳамкорликнинг Тошкент учун ҳам, Москва учун ҳам фойдасидан ташқари, мазкур ташриф муҳим геосиёсий аҳамиятга ҳам эга. У Ўзбекистоннинг Москва, Пекин ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари иштирокидаги кенг иқтисодий, транспорт-логистика ва гуманитар ҳамкорликнинг тобора муҳим элементига айланиб бораётган Евроосиё маконида барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрнини янада намоён этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси